Минг йиллик тарихга, адабиётга, маданиятга эга ўзбек халқи қадимдан сўз санъати усталари — шоиралари билан машҳурдир. Зебуннисо, Увайсий, Маҳзуна, Нодирабегимлар ғазаллари ҳали ҳеч бир юракни бефарқ қолдирмаган. Уларнинг анъаналарини янада юксакроқ кўтаришдай катта бурч ва масъулиятни шараф билан адо этиб келган, ўзбек адабиётининг янги саҳифаларини очган шоиралардан бири Эътиборхон Охуновадир.
Эътибор Охунова Нодира, Бобурлар маскани – Андижондан.
У 1934 йилда ғазалхонлар, санъаткорлар оиласида ўртанча қиз бўлиб дунёга келди. Отаси – Ўзбекистон ҳалқ артисти Қосимжон Охунов — санъат бешигини тебратган бастакор, элга манзур ҳалқ ҳофизи, ўзбекларнинг бой фолклор омборидан достон, маросим ва норасмий қўшиқлар, балладалар, эртак ва ривоятларни куйлаган бард еди. У гўзал қўшиқ ва куйлар ҳам яратган.
Уларнинг Андижондаги шинам, сўлим боғида вилоятнинг фозил кишилари, бастакорлар, созандалар, шоирлар, хонандалар тўпланар, тез-тез давра суҳбатлари, ўзига хос мажолис ун-нафоис ўтказилиб турилар эди. Ташриф буюрган меҳмонлар, суҳбатдошлар орасида Мамазокир Ҳабибий, Улфат Тўхтасин Жалилов, Саиджон Калонов, Собир Абдулла, Маҳжурий, Сайфий, Ашкий, Чархий, Боқий ва бошқалар бор эдилар. Бу давраларда эндигина қаламдан чиққан ғазаллар ўқилар, муҳокама қилинар, куйга солинарди. Ҳали ҳеч қаерда янграб улгурмаган янги наволар ҳам айнан шу ерда илк мухлисларига эга бўларди. Э.Охунова ана шундай ижодий муҳит таъсирида ўсди, бу албатта бўлажак шоиранинг униб-ўсишида, дунёқараши шаклланишида ўз таъсирини ўтказмай қўймади.
Ёш Эътибор ўрта мактабда ўқиган вақтларидаёқ шеър ёзишни машқ қилади, бадиий ўқишда тенгдошларига намуна бўлади, адабий кечалар, мактаблараро мусобақалар, мумтоз шоирлар билан учрашувларда, шеърият оқшомларда фаол қатнашади. У ўрта мактабда ўқиган йилларини қуйидагича эслайди:
«Хазрати Навоийнинг достонларини, Ҳамид Олимжоннинг «Зайнаб ва Омон» достони, «Офелиянинг ўлими» шеърий манзумаларини ёддан ўқирдим. Биринчи устозим дадам эдилар. Улар кўп ғазалларни ёд билар, менга ҳам ғазаллар ўқитар, ёд олишни ўргатардилар. Бола юрагимга муҳрланиб қолган ғазал, шеър ишқи, сеҳри учун узтозим – дадамга, муаллимларимга бир умр таъзим этаман.
Боғ ўртасида баланд сўримиз-чорпоямиз бор эди. Ана шу чорпояда дадам билан ғазалхонлик қилар эдик. Дадам кўзойнакларини рўмолча билан артиб, тақиб олардилар. Бармоқлари Навоий ғазалларининг кеча оқшомда ўқиб, тўхталган саҳифасини қидириб топардилар. Тайёрмисиз, дегандек менга маъноли қарардилар. Ғазалларни ўқишдан чарчамаган дадам уларнинг маъносини сўзлар, қўшиқлар оҳангига солиб, куйлаб ҳам берардилар. Биргина ғазалда қанчалар хикмат, қанчалар маъно борлигини англардим. Сўзлар, қофиялар, иборалар хусусидаги саволларимга дадам эринмай жавоб берардилар. Бир куни менга «Алишер Навоий луғати» китобини тақдим этдилар. Бунинг маъносини дарҳол англадим. Ғазалхонлик дорилфунуни эди бу».
Эътибор ўрта мактабни имтиёзли аттестат билан тамомлаб, 1950 йилда мактаб раҳбариятининг йўлланмаси билан Тошкентга келиб, Ўзбекистон Миллий университети (ўша пайтда Ўрта Осиё Давлат университети)нинг филология факултетига ўқишга киради. Журналистика бўлими йўқлиги сабабли логика-психология бўлимида таҳсил ола бошлади. Бу ерда у илм асосларини ўрганди, бадиий ижоднинг мураккаб сирларини англашга ҳаракат қилди.
Эътибор Охунова университетда ўқиб юрган пайтларида назарий билим билан ижодни бир маромда олиб борди. Дарсдан бўш вактларида адабиётимиз тарихини чуқур ўрганди. А.Қодирий, Ойбек, Ғ.Ғулом, Ҳ.Олимжон, А.Қаҳҳор, Уйғун, Зулфия китобларини қўлидан туширмади, жаҳон адабиёти асарларини қунт билан мутолаа қилди. Айниқса, ўтмишда ижод этган мумтоз адабиётимиз вакиллари, жумладан шоираларнинг ғам-андуҳга ғарқ бўлган, юрагидан тўкилган ғазалларини ўқир экан, изтироб оғушида тўлғанар, уларнинг ўз давридан нолишларини, эркин севги ва муҳаббатни орзу қилганликларини ҳис этиб, нозик истаклари руёбга чиқмаганига ачиниб, ўзи яшаётган бахт тўла ҳур ҳаётни мадҳ қилишга интилди. Унинг ёзишга бўлган биринчи уринишлари — дастлабки шеърлари, мақолалари университет деворий газеталаридан жой олди, барча 15 факултет газеталарининг муҳаррирлари уни нашр этишни хоҳлашди, барча ўқувчиларга ёш ижодкор ёзганларининг соф самимийлиги ва бокиралиги ёқди.
Кунлар ўтиши билан иккинчи шеъри биринчисидан кўра жонлироқ бўлиб қоғоз узра тўкила борди ва кўп нусхали босма рўзномаларда чиқди. Ижодга кириб келиши тўғрисида шоира шундай ёзади:
«Талабалик йилларининг ажаб нашъу намоларини шеърий мисраларга солиб машқ қила бошладим. Университет деворий газетасида илк шерларим босилиб чиқа бошлади. Шеърият қизиқтирар, унинг ҳаёли билан яшардим. Шунинг учун ҳам диплом ишимни логика ёки психологиядан эмас, адабиётдан ёзиб, ёқладим. Шундай қилиб, тилчи, адабиётчи, логик психолог деган мутахасисликни олдим.
Журналистлик шарафли касб, лекин кичик бир маълумот ёзиш учун ҳам бу соҳани тушуниш, назарий билим керак. Мени эса журналистика оламига катта қизиқиш, тўғрироғи, юракдаги ишқ туғёни олиб кирди. Дастлабки журналистлик фаолиятим 1956 йилда «Шарқ юлдузи» журналида бошланди. Бадиий асарларни тахрир қилиш билан қаламим аста секин чархлана бошлади. Илк шеърларим ҳам журнал саҳифаларидан жой ола бошлади.
Ўтмиш шоираларининг тутундек кўкка чирмашган кўнгил афғонларини ўқиб, беҳад куюнар, даврим, давронимни ўтли мисраларда куйлашни орзу қилар эдим. Ниятимга етдим. Бахтиёр ёшлик, маъсума оналик, дўстлик, покиза миҳаббат ҳақидаги шеърларим “Ўзбекистон овози”, “ Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Тошкент ҳақиқати” ёшларга аталган газеталарида, “Саодат ” журналидан босила бошлади”.
Э.Охунованинг илк иш жойи “Шарқ юлдузи” журнали таҳририяти бўлиб, 1956-1960 йиллар давомида адабий ходим бўлиб хизмат қилди. Бу ердаги қизғин ижодий муҳит уни ўз устида муттасил ишлашга, ҳаёт гўзалликларини тўлароқ идрок этишга даъват этди. Ёш шоира халқ қалбига кириб борди. Унинг завқ-эҳтиросга бой, кўнгилнинг ғоят нозик тебранишларини тараннум этувчи назми кишиларда яхши таассурот қолдирди. Буни англаган қаламкаш ҳаётга янада чуқурроқ кириб бориш, бадиий маҳоратини ошириш, изланиш зарурлигини ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Уни амалга ошириш учун у отахон газетамиз, ўзбек матбуотининг қутлуғ даргоҳи — «Ўзбекистон овози» (ўша пайтда «Совет Ўзбекистони») га ишга келди.
«1960 йилнинг баҳорида мени «Совет Ўзбекистони» редакциясига таклиф этдилар, — деб хотирлайди шоира, — Ростини айтсам, бу улуғ даргоҳда ишлаш менинг учун зўр шараф эди. Лекин “ишлай оламанми , йўқми?” деган андиша билан бир ойгача адабиёт ва санъат бўлимининг ишларига ёрдамлашиб юрдим, иш ургандим. Сўнг мени штатга қабул қилдилар. Газета саҳифасида илк материалим босилиб чиқди. Бу ҳам бўлса, пойтахт экранларида қўйилаётган янги кинофиьмлар ҳақидаги мулоҳозалар эди.
Ўша кунги ҳаяжоним чексиз эди. Газетадаги лавҳамни бир бор эмас, ўн бор ўқиб чиқдим, дўстларимга кўрсатдим. Шундай қилиб, журналист ҳамкасбларим кўмагида аста-секин улкан ҳаёт дарсига томчидай қўшилиб, сингиб кетдим. Бунинг учун менга илк бор журналист қаламини ушлашни ўргатган устозларим Рамз Бобожон, Йўлдош Шамшаров, Мақсуд Қориев, Холбек Ёдгоров, Ҳабиб Нуъмоновлардан, “Совет Ўзбекистони” жамоасидан беҳад миннатдорман”.
Газета редакциясида (1960-1989 йиллар давомида) хизмат қилиш шоира учун ҳаёт дорилфунуни бўлди. Бу ердаги тажрибали журналист, адиблар намунасида Э.Охунованинг қалами ўткирлашди. 1961 йилда унинг биринчи шеърий тўплами — “Тонгда” нашр қилинди. Бу китоб бетиним ёшлик ўйлари, изланиш қувончлари билан нақшланган эди. Шоира ўқувчи билан содда, аммо самимий қиз ҳақидаги фикрлари ва ҳис-туйғуларини ўртоқлашди. Қизнинг қалбида нозик ҳис-туйғулар, руҳий эҳтирослар жилваланар эди, лекин маънавий импулсларни лирик сўзга таржима қилиш маҳорати аллақачон мавжуд эди.
Қалам соҳибаси газета йўлланмаси билан кўп жойларда, қурилишларда бўлди, далаларни кезди, меҳнат кишиларининг жасоратини ўз кўзи билан кўрди. У ҳаётга янада яқинроқ турди, одамларнинг, замондошларнинг қалбини меҳр билан тинглади, улар орасига кириб борди. Ажойиб тақдирларни бадиҳа, мақола, ҳикоя, достон шаклларида ёритишга бел боғлади. Адибанинг ижоди кўп қиррали бўлиб борди. Унинг жафокаш аёл, маъсуд она, садоқатли ёр, меҳнатсевар элни ардоқлаб ёзган лавҳалари кўпчиликни мафтун қилди. Газетанинг тиражи йилдан-йилга кўтарилиб боради. 1970 йилга келиб, 500 минг нусҳадан ошиб кетади. Бу юксалишда Эътибор Охунованинг ҳам ҳиссаси бор эди.
Ёш журналист эртанги кунга умид билан қаради. У тез-тез сафарларга чиқиб турди, деҳқонлар, ишчилар, боғбонлар, чорвадорлар, зиёлилар билан учрашади, улар билан ҳамсуҳбат, ҳамдард, ҳамфикр бўлди. Одамлар юрагини билишга интилди, уларга қувонч бағишлаётган янгилик, умрини кемираётган дард-ҳасратларини яқиндан тинглади. Қанча одам билан учрашса, шунча шодлик ёки кўнгилсизлик шоҳиди бўлди. Кўпинча уларнинг оғриғи унинг дардига айланди, у ҳаммага ёрдам беришга ҳаракат қилди.
Редакцияга келган хатларни қунт билан ўрганди. Ҳар бир муоммога ечим топишга ҳаракат қилди, ёмонликдан нафратланди, уни қоралади, яхшиликни, эзгуликни улуғлади. Унинг жўшқин, ҳис-ҳаяжон тўла мақолалари кўплаб газета ва журнал саҳифаларини безади. Уларни ўқиган газетхон ва журналхонлар қалам соҳибаси қайноқ завқининг сеҳрига берилди, орзули оламнинг обод кўчалари, серҳосил далалари, файзли давраларида кезиб юргандек бўлди. У ўз халқининг бахти, муваффақиятидан чин дилдан қувонди. Унинг ҳар бир янги иши ҳудуднинг гуллаб-яшнаган даврларини, замон нуфузини тасвирлаб, уларга янги ранглар, янгича қиёфа бағишлагани учун янги олам очаётгандек туюлди.
Яна ижодкорнинг ўзи ҳақида ёзганларига мурожаат этамиз:
“1965 йил май ойида редакция қошида ахлоқ ва одобга доир материалларни марказлаштирувчи “Ахлоқий тарбия” бўлими ташкил қилинди. Бу бўлимга мудирлик қилишни менга ишониб топширишди. Ҳар бири умр мазмунига тенг келадиган узун, қисқа, баъзан дафтар тўлдириб ёзиб юборилган мактубларни ўқиганингда, шу хатлар изидан бориб, ажойиб, қалби дарё кишилар билан учрашганингда тўлқинланиб, қалам тебратгинг келаверади. Ҳаёт мактабида ўқиш унинг бебаҳо хазинасидан баҳра олиш учун энг аввало журналист бўлишинг керак экан. Хаёл доимо йўлда, қалам эса қўлда”.
Адиба журналист, публицист сифатида баркамолликка эриша бошлайди, публицистика жанрининг муҳим жиҳатларини чуқур англайди.
Маълумки, матбуот-давр кўзгуси. Унда хабарлар, янгиликлар билан бир қаторда ахлоқ-одоб масалалари ўртага қўйилади. Ёзувчи бу борада анча ишлар қилди, бир қанча долзарб муаммоларни фактларга таяниб газета, журнал саҳифаларида дадил кўтариб чиқди. Муаллиф ҳаётга лоқайд қарамайди, уни кузатади, ўрганади ва ўз муносабатини китобхондан сир тутмайди, ўқувчини фикрлашга чорлайди. У ҳаёт воқеаларини қайд этиб қўя қолмайди, унинг яхшисини таъкидлайди, ёмонини танқид қилади, умумлаштиради, жамоат фикрини туғдиради. Натижада кўпгина мақола ва очерклари шов-шувга сабаб бўлиб, қизғин муҳокама қилинарди. Публицист кишиларнинг қалбига, онгига йўл топиб, чуқур кириб боради, уни тарбиялайди, адашганларга йўл кўрсатади, ўй-хаёлга ботиради, хуллас ҳеч кимни бефарқ, беиштирок қолдирмайди.
Э.Охунованинг одоб-ахлоқ мавзусидаги асарлари ҳамда замондошлари ҳаёти, меҳнатини ҳикоя қилувчи очерклари асносида “Қадр ва қиммат”(1967), “Умр мазмуни” (1967), “Кўнгил мулки” (1968), “Бир жуфт терак” (1969), “Қиз ҳусни” (1972), “Бахт йўлларида” (1974), “Субҳидам саболари” (1974), “Далалар нашидаси ” (1977), “Олам гуллар оғушида” (1977), “Инсонлар ташвишида” (1977), “Оппоқ шуълалар” (1980) сингари насрий китоблари кенг оммага тақдим этилди. Унинг ёзган журналистик мақолалари муносиб мукофотларга сазовор бўлди.
Шундай қилиб, ижодкор ҳам назмда, ҳам насрда баравар қалам тебрата бошлади.Унинг “Салом, баҳор” (1964), “Кўнгил дафтари” (1967), “Сени ўйлайман” (1967), “Камалак” (1970), “Лирика” (1973), «Йиллар» (1973), «Йўллар чорлайди» (1977), «Биллур қатралар» (1978), «Мен тонгни уйғотдим» (1981) “ шеърий тўпламлари бирин-кетин нашр этилади.
Э.Охунова халқимиз бахтини, унинг ютуқларини кўриб қувонади. У замонанинг илғор аёлига айланади. Унинг ҳар бир янги асари, хоҳ у шеър бўлсин, хоҳ мақола, янги бир оламни очгандек бўлади, чунки ёзувчи замон салобатини, дунё равнақини тасвирлайди, уларга янги сайқал, янги бўёқ беради. Унинг асарлари таржима қилиниб, қардош республикалар газета-журналларида, шунингдек, чет элларда чоп этилиб турилади. Унинг публицистик мақолалари фахрли мукофотларга сазовор бўлади. У 1961 йилда Ёзувчилар уюшмасига, 1965 йилда эса Журналистлар уюшмасига аъзо бўлади. Бу — адибанинг етукликнинг катта кўчасига тушиб олганини, камолот сари дадил бораётганини кўрсатувчи далил эди.
Ижодий фаолияти давомида Э.Охунова: 1976 йилда Ҳурмат белгиси ордени, 1980 йилда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи мукофоти лауреати ҳамда Ўзбекистон Олий Кенгаши Фахрий ёрлиқлари, 1983 йилда Республикада хизмат кўрсатган маданият ходими, 1993 йилда Республикада хизмат кўрсатган журналист каби Давлат мукофотлари ва Фахрий унвонларига мушарраф бўлди.
Шоира ўзбекистонлик делегация таркибида турли мамлакатларда бўлади: Канада, Венгрия, Греция, Болгария, БAA, Сингапур, Малайзия … Aммо унинг учун туғилган жойларидан кўра севимлироқ жой йўқ эди.
Эътибор Охунова сатира ва юмор оламига илк қадамларини қўяди. Кундалик ҳаётнинг шов-шуви, тўйдан олдинги машмаша ва тушунмовчиликлар, ўтмишнинг тескари акс-садолари, оилавий муаммолар ва можаролар, камчилик ва хатолар – буларнинг бари унинг фельетон ва танқидий мақолаларида акс этган бўлиб, биз муаллиф сўзининг қудратини кўрамиз, кўп саволларга жавоблар оламиз, унинг салбий белгиларга қарши курашини ҳис қиламиз, унинг ғамхўр инсон эканлигини тушунамиз. “Қулоғингизга гапим бор”, “Ёр-ёр”, “Келин келди” ва бошқа тўпламлар, жумладан, шеър ва мақола тарзидаги ҳажвий асарлар бўлиб, уларнинг аксарияти “Муштум” сатирик журналида эълон қилинган.
Эътибор Охунованинг “Ойдин кўрпача”, “Бобомга совға” шеърий китоблари болалар учун мўлжалланган бўлиб, улардаги шеърлар “Ғунча” ва “Гулхан” болалар журналларида ҳам босилиб турди.
Унинг танқидий мақолалари улуг ўзбек санъаткорлари Ҳалима Носирова, Тамарахоним, Сора Эшонтўраева, Мукаррам Турғунбоева, Юнус Ражабий, Исохор Оқилов, “Баҳор” рақс ансамбли ижодининг янги қирраларини очиб берди, Чингиз Aйтматов, Aбдулла Орипов, Саида Зуннуновалар китобларига ёзилган тақризлар эса китобхонларнинг, жамоатчиликнинг таниқли ижодкорлар ҳақидаги тушунчаларини янада бойитди, ёзувчи қаламининг ўткирлигини кўрсатди.
Э.Охунова таржима санъатида ҳам юксак маҳоратини намоён этди. Кўплаб машҳур рус, украин, озарбайжон, тожик, қозоқ, қирғиз, ангола, ҳинд шоирларининг шеърларини она тилига таржима қилган. Адибанинг асарларига кўплаб шарҳлар ёзилган, шеърлари Римма Казакова, Надежда Кондакова, Зоя Туманова, Ольга Ипатова, Раим Фарҳодий томонидан рус тилига таржима қилинган, улар “Известия”, “Правда”, “Огонёк”, “Банер”, “Халқлар дўстлиги”, “Меҳнаткаш”, “Совет аёли» каби газета ва журналларда босилиб чиққан. Унинг “Йиллар” (1973), “Ватан шу ердан бошланади” (1974), “Йўллар чорлайди” (1978) каби бутун шеърий тўпламлари ҳам рус тилига ўгирилган ва Москвада нашр этилган. Шоиранинг шеърлари, шунингдек, озарбайжон, қозоқ, қирғиз, тожик, татар, араб, турк тилларига ҳам таржима қилинган. Улар қардош давлатлар ҳамда Туркия, Хитой, Венгрия, Греция, Болгария ва бошқа мамлакатларда чиқадиган матбуотларда эълон қилинган.
Эътибор Охунова — ажойиб шоира. Унинг шеърлари ҳар бир инсон интилиши керак бўлган илоҳий идеалга хизмат қилувчи бахтли аёлнинг сўзларидир. Бу мангу она ва содиқ покиза аёлнинг, оламни, замонни ўзига хос нафосат, эътибор ва сезгирлик билан тинглайдиган шарқ аёлининг сўзларидир. Э.Охунова ўз туйғулари, орзу-умидлари ҳақида куйлайди, одамлар онгини ўз даражасига кўтаради. Инсоннинг бош моҳияти инсонийлигида, унинг ота-она ва болаларга, дўстлар ва бегоналарга нисбатан хайрихоҳлигида, у ўзининг шахсий маънавий гўзаллиги ва меҳрини ҳимоя қилиб яшаши керак, деб ҳисоблайди. Бу инсониятнинг маънавий бойлиги бўлиб, комил инсонлар, даҳолар саъй-ҳаракати билан дунё гуллаб-яшнамоқда. Ижодкорнинг “Дутор оҳанги”, “Боғбон”, “Қуёшга қасида”, “Биз дарёлармиз”, “Турсуной” шеърларида дунёга, инсониятга муҳаббат юксак инсоний фазилат, тинимсиз ижод меваси сифатида намоён бўлади.
Шоиранинг шеърларига кўплаб қўшиқлар яратилган. Улар халқ хотирасидан муносиб ўрин эгаллади: “Сенга”, “Кулганингда”, “Хон атлас”, “Aйрилиқ”, “Қўлимга соз олдим”, “Назокат”, “Соғиндим”, “Сени эслайман”, “Аёл қалби”, “Кўз тутай”, “Муҳаббат васфи”, “Йўлга тушдим”, “Ҳолим сўрамасанг”, “Не учун”, “Оқшом сурури”, “Севгимидинг хаёлиммидинг”, “Онажон” ва бошқалар.
Унинг лирик шеърлари, иншолари ва хотиралари: «Эй кўнгил, гул бўл ҳамиша» (2004), «Юрак сирлари» (2004), «Биз сув ичган дарёлар» (2005) китобларида ўз аксини топган. Уларда Aсқад Мухтор, Ғафур Ғулом, Музайяна Aлавия, Омина Дилбозий, Саида Зуннунова, Иброҳим Раҳим, Улфат, Хабибийнинг хотиралари ўрин олган. Э. Охунова ижодий фаолияти давомида 55 дан ортиқ китоблар чоп эттирди. “Бувижоним келдилар” (2006), “Ҳаёт ҳикмати” (2009), “Отанг улуғ – дунё улуғ” (2009), Сайланма. 1,2 том (2010), “Кўнгил афсонадир” (2013), “Ўн саккиз ёшлигим” (2013), “Олтин бешик” (2015) шулар жумласидандир.
Эътибор Охунова 2019 йилнинг 25 январида Тошкентда вафот этган. У Минор қабристонида дафн этилган.

