Қосимжон Охунов

  Умр инсонга Аллоҳ томонидан фақат бир мартагина бериладиган буюк неъматдир. Кимдир узоқ яшаб ўзидан хеч қандай из қолдирмайди. Кимдир қисқа умри давомида ўз халқига, ўз юртига шундай хизмат қиладики, уни издошлари, шогирдлари фарзандлари узоқ эслашади, унинг номи халқ ичида асрлар оша яшайверади. Тарихда бундай буюк алломаларимизнинг жуда кўпи яшаб ўтган.

 Ўзбекистан халк артисти Қосимжон Охунов шундай унутилмас инсонлардан бири эди. Бу улуғ инсон ҳақида унинг ҳамкасблари, қадрдонлари, саҳнадошлари, маҳалладошлари, шогирдлари хотирлаб ўз фикр -мулоҳазаларини баён этганлар.

 “Қосимжон ака қайтарилмас, бетакрор, бебаҳо инсон эди. Ўз касбининг устаси, универсал одам эди. Энг аввало яхши ҳофиз, ажойиб созанда, талантли актёр, бастакорлик ҳам қўлидан келарди. Мақом қўшиқларимизни мукаммал биларди. Айниқса, қўшиқнинг сўзига жуда эътибор берарди, сўзни бузмасдан айтарди. Овози кучли, жарангдор, диапозони баланд, ўзи эса камтар инсон эди. У инсонда бахиллик, иғвогарлик йўқ эди, аксинча бир нарсани ўргатсам деб тиниб-тинчимас эди. Ёшларни қўллаб-қуватлайдиган устоз санъаткор эди”.

  Ҳақиқатдан ҳам, Қосимжон Охунов кўп  қиррали санъаткордир. У ажойиб актёр бўлиш билан бирга хушовоз ҳофиз ва моҳир созанда сифатида ҳам эл орасида кенг танилди. У чалган куйлар, у айтган қўшиқлар киши қалбига равон йўл топди. 1950 йилларда гастрол концертларда, тўйларда овоз кучайтиргичлар ишлатилмаган, фақат жонли ижро бўлган. Қосимжон Охунов  тамбур чалиб қўшиқ айтарди.

  Ижодкор ҳар бир ролни, хоҳ у жиддий бўлсин, хоҳ у комедия бўлсин, қойилмақом қилиб ўйнарди. Аввалари кўпроқ мусиқали спектакллар қўйиларди, созандалар оркестрда ўтириб чаларди. Ҳамма Қосимжон аканинг саҳнага чиқишини қизиқиш билан кутарди, чунки, у ҳар саҳнага чиққанида ролни янгитдан қизиқарли қилиб ўйнарди, ўзидан қўшиб, импровизация қилиб ижро этарди.

  “Майсаранинг иши”даги Мулладўст, “Лайли ва Мажнун”даги Қайс, “Гул ва Наврўз” спектаклларидаги образлари, “Тоҳир ва Зуҳра”даги Тоҳир образлари, “Чин муҳаббат”даги сартарош образларини маҳорат билан ижро этган.

  Қосимжон Охунов «Лайли ва Мажнун» мусиқали драмасида Зайт, «Майсаранинг иши» спектаклида Мулладўст, Комил Яшиннинг «Тор-мор» асарида Етмишвой каби юзлаб катта — кичик ролларни ижро этган. Айниқса, Комил Яшиннинг «Тор-мор» асарида Етмишвой образини, Аҳмад Пансод образидаги устоз Аббос Бакиров билан биргаликда  қойилмақом қилиб ўйнарди.

  Комил Хоразмийнинг ғазалига басталанган «Ушшоқ», Навоий ғазали ҳамда бастакор Ғанижон Тошматовнинг мусиқаси асосида юзага келган «Кезарман» қўшиғи, бундан ташқари «Баёт — 3», «Дугоҳ», «Дугоҳ-2» каби Қосимжон Охунов ижро этган бир қанча мумтоз қўшиқлар Республика радиосининг олтин фондида ҳозирги кунга қадар сақланиб келинмоқда.

  “Қосимжон Охунов умрини санъатга бағишлади, — деган эди унинг дўстларидан бири шоир Улфат. – У юздан ортиқ ролни қойилмақом қилиб ўйнади. У камтарин инсон, уста санъаткор, дилкаш дўст, ёшларга нисбатан меҳрибон устоз. У ҳамиша хушчақчақ, ҳамиша эл назарида”.

  Қосимжон Охунов санъат оламининг дарғаси, юзлаб шогирдларнинг устози, оилада ғамхўр, жонкуяр ота эди. Устознинг хонадони ҳамиша яхши одамлар, шогирдлар, жўралар, ночор кимсалар, қоқилганлар учун очиқ эди. Кўнгли дарё, умри дарё, ҳаёти дарёлардек саховатли эди.

  Қосимжон Охунов санъаткор деган номни ҳамиша баланд тутди. Унга доғ туширмади. Шунинг учун унинг меҳнатлари юксак тақдирланди.  1947 йилда хизмат кўрсатган артист, 1957 йилда эса Ўзбекистон халқ артисти деган шарафли унвонлар берилди. У бир неча медал ва фахрий ёрлиқлар билан мукофотланди.

Please wait while flipbook is loading. For more related info, FAQs and issues please refer to DearFlip WordPress Flipbook Plugin Help documentation.

Кўшиклар

OHUNOV DUGOH

OHUNOV BAYOT 3

Q. OHUNOV BAYOT 5