Сирожиддин Камолиддинов

   Ўзбек маданияти ва санъатининг XX аср иккинчи ярмидаги бутун фаолияти давомида Санъатшунослик фанлари номзоди, доцент, олим, таниқли ва ҳурматли маданият арбоби Сирожиддин Камолиддиновнинг  хизматлари беқиёсдир. У аввал Маданият вазирлигида Санъат бош бошқармасининг бошлиғи бўлиб, сўнг эса вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимида узоқ йиллар хизмат қилди. Сирожиддин Камолиддинов ўз ишининг ҳамма томонларини  яхши билар, раҳбарлик тажрибаси бой, қўл остидаги ходимлари ўртасида обрў ва эътиборга сазовор бўлган бошлиқ эди. Театр маъмурлари унинг санъат дарғасида барча ишларни уюштиришдаги билимдонлиги ва маҳоратига тан берардилар.

  У оз фурсатда санъат соҳасида раҳбар ходим бўлиб шаклланди. Ўзбекистонда санъат, маданият тараққиётини амалга оширишда ўз хизматлари билан сезиларли из қолдирган арбоблар қаторидан ўрин олди.

  Ҳамма билар эди-ки, қандай вазифа унга топширилмасин ўзини фидо этиб, жону дили билан берилиб ишлар, ҳеч қачон совуққонлик ёки бефарқликка йўл қўймас эди.

  Унинг саъйи ҳаракатлари туфайли жуда кўп истеъдод соҳиблари излаб топилди, юзага чиқди, санъат ва маданият масканлари, театрлар иқтидорли ёшлар билан бойиди, республикалар ва қардош минтақалараро санъат ўн кунликлари, фестиваллари ўтказилиб турди.

  Сирожиддин Камолиддинов санъатшунослик бўйича илмий ишлар ҳам олиб борди. У талай асарлар, рисола ва мақолалар яратди. Улар эълон қилинган, мутахассисларнинг диққат-эътиборини қозонган асарлар эди, шу сабабли  унга санъатшунослик фанлари номзоди илмий даражаси берилди.

  Булар орасида С.Камолиддиновнинг “Ўзбек драматургиясида замондош характери” деб аталган асари алоҳида ўрин тутади. Китоб рус тилида нашр этилган. Унда муаллиф XX асрнинг ўрталарида ўзбек драматургиясида юз берган ўзгаришларнинг илмий-танқидий таҳлилини берган. Бу ўзгаришларни у ўзбек драмасининг умумий тараққиёти жараёни, ундаги анъаналар билан боғлиқ равишда тадқиқ этган ва ўзбек драмасининг тараққиётига оид фикрларини изҳор этган. Бу асар XX аср санъатшунослигида муҳим ўрин тутган илмий тадқиқот сифатида қимматлидир.

   С.Камолиддинов санъат оламига кириб келаётган ёшларни тарбиялаш, уларни санъат сирларидан воқиф этишдек хайрли ишларга муносиб ҳисса қўшди, санъат оламининг софлиги, миллийлиги, санъат кишисининг маънавий поклиги, ҳалоллиги, баркамоллиги ҳақида кўп қайғурди. У ҳамиша санъат салтанатининг остонаси қутлуғ, бу қутлуғ даргоҳга тоза, беғубор орзу ва катта муҳаббат бахш айлаб, қадам босмоқ кераклигини уқтирарди. Ўтмишимиз, бой маданий меросимиз, қадриятларимизга эҳтиром билан қарар, ўзгалардан ҳам шуни талаб қиларди. Бу улуғворлик тахтига кўтарувчи зиналар борлигини, бу зинапоялардан ошиқмай, шошилмай қадам босмоқлик кераклигини маслаҳат берарди.

  Сирожиддин Камолиддинов каби билимли, маданиятли, одобли, ишнинг кўзини биладиган талантли мутахассиснинг борлиги санъат соҳасига келаётганлар ва хизмат қилаётганлар учун бир мактаб сабоғидек фойдали эди. Унинг ҳаёти эл-юрт, инсонлар манфаати, хоҳиши деб яшаган, меҳнат қилган, азият чеккан фидойи жонларнинг ҳаётидек серташвиш, беором кечганини кўпчилик яхши билади. Ўғил-қизларининг билим олиши, тил ўрганиши учун, оиласининг баркамоллиги учун ҳам ўта масъул бўлган фидойи жон инсон эди.

   Сирожиддин Камолиддинов тафаккур доираси кенг ва теран санъатшунос олим, жамоат арбоби сифатида қилган қатор маърузаларида  ўзининг билимдон санъатшунос эканини, бағри кенг раҳбар эканини, жонкуяр устоз ва тарбиячи эканини намоён этди. Ҳаётий асарлар яратиш хусусида сўз кетганда, янги асарлар муҳокама этилганида у ўзининг оғир, вазмин мулоҳазалари билан ҳамманинг ишончи ва ҳурматини қозонди.

  Сирожиддин шахсий ҳаётида ҳам, ижтимоий фаолиятида ҳам, илмий, фалсафий қарашларида, ёзган мақолалари, рисолаларида ҳам ўз халқининг, юртининг содиқ, фидойи фарзанди эканини намоён этди. У умрининг охиригача шундай меҳнат қилди, яшади. Унинг ҳамкасблари устоз ва шогирдлари дилидан муносиб ўрин олгани шундандир.

 Яхшилик, олижаноблик, меҳрибонлик, одамлар ҳақида ғамхўрлик қилиш, йиқилганни суяш, иқтидори бор, нияти эзгулик бўлганларни рағбатлантириш… бундай фазилатлар унинг умр йўлини ёритиб турувчи нурга ўхшайди.

   Сирожиддин Камолиддинов 1991 йилнинг баҳорида ўзи севган, ўзи таваллуд топган ва ўзи бир умр ардоқлаб яшаган гуллар фаслида ҳаётдан кўз юмди. Истиқлолга бир одим қолганида ҳаётдан кетди… Истиқлолни кўришдек, унинг хуш насимлари ардоғида яйраш, меҳнат қилиш, орзуланишдек тилаклари юрагида кетди.

   Ушбу китоб азиз ва ардоқли инсон, инсонпарвар олим, меҳрли ва ибратли раҳбар, жамоат арбоби, оилапарвар ота Сирожиддин Камолиддиновнинг азиз хотирасига бағишланади.

Please wait while flipbook is loading. For more related info, FAQs and issues please refer to DearFlip WordPress Flipbook Plugin Help documentation.