
Шамсиддин Сирожиддин ўғли Камолиддин 1955 йил 20 ноябрда Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида туғилган. 1973 йилда ўрта мактабни битириб, Тошкент Давлат университети шарқ тиллари факультетига ўқишга кирди ва 1980 йилда араб тили ва адабиёти ихтисослиги бўйича олий маълумотга эга бўлди. Университет йўлланмаси билан у Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтига ишга кириб, манбашунослик соҳасида илмий фаолият билан шуғуллана бошлади. 1988 йилда “Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ас-Самъоний (ХII аср) нинг “Китоб ал–ансоб” асари Ўрта Осиё тарихи ва маданияти тарихи бўйича муҳим манба” мавзусида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ёқлади ва тарих фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлди. Бу ишнинг илмий аҳамияти шундан иборат эдики, унда илк бор тадқиқот объекти сифатида ислом маданияти тарихи танланган эди. Маълумки, совет даврида атеизм ҳукмронлик қилган эди ва халқимизнинг диний қадриятлари эътибордан четда қолиб келар эди. Ушбу диссертацияда IX – XII асрларда Ўрта Осиёда яшаган тарихчи олимлар, шоирлар ва адиблар, шунингдек диний уламолар, хусусан фиқҳ, ҳадис, тафсир каби исломий фанларда фаолият олиб борган жами 1200 дан ортиқ олимлар ҳақида маълумотлар келтирилган. Тадқиқот жараёнида диссертант ас-Самъонийнинг “Китоб ал-ансоб” асарида келитирилган маълумотларни ўша даврда (ХII аср), ундан олдин ва кейин яшаган биограф олимларнинг асарларларидаги маълумотлар билан солиштириб, уларни таҳлил қилган. Натижада 5 жилддан иборат диссертация ёзиб тайёрланган. Унинг 1 жилди тадқиқот бўлса, қолган 4 жилди ўрта осиёлик олимларнинг биографиялари, шунингдек улар ҳақидаги илмий адабиётларни ўз ичига олган. Диссертация 1993 йилда Ўзбекистон ФА нинг “Фан” нашриётида китоб шаклида нашр этилди[1]. Бу китоб 1999 йилда кувайтлик шайх Абдулазиз ал-Баптин томонидан таъсис этилган “Имом ал-Бухорий авлодларига” номли ислом тадқиқотлари соҳасидаги халқаро мукофотга сазовор бўлди.
1990 йилда Ш.С.Камолиддин ўша даврдаги энг йирик илм фан маркази бўлган Москва ва Лениград шаҳарларида СССР ФА Шарқшунослик институтининг докторантурасида илмий фаолиятини давом этдириб, 1993 йилда “IX – XIII асрларнинг араб тилидаги манбаларида Жанубий Суғд ва Тўхористон тарихий географияси” мавзуси бўйича докторлик диссертациясини муваффақиятли ёқлади ва тарих фанлари доктори илмий даражасига эга бўлди. Диссертацияда Ўзбекистоннинг Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари (Жанубий Суғд), Тожикистон ва Афғонистоннинг шимолий қисми (Тўхористон) нинг шаҳарлари ва карвон йўллари ҳақида араб тилидаги манбаларда келтирилган маълумотлар комплекс тарзда тадқиқ этилган. Унда араб тилидаги манбалардан ташқари илк ўрта асрларда форс, хитой, арман ва бошқа тилларда ёзилган манбалар, шунингдек археологик, нумизматик, эпиграфик ва этнографик маълумотлар ҳам кенг жалб этилган. Натижада мазкур минтақа тарихий географисига оид айрим ечилмаган масалалар ўз ечимини топди, кўп мунозарали масалаларга ойдинлик киритилди. Энг муҳими диссертацияда Ўрта Осиёда Турк хоқонлиги даври тарихи ва қадимги туркларнинг минтақада тутган ўрни янгича ёндашув асосида ёритилди. Диссертация 1993 йилда “Ўзбекистон” нашриётида нашр этилди[2].
Ш.С.Камолиддиннинг навбатдаги муҳим илмий иши “Ўрта Осиёнинг қадимги туркий жой номлари” деб аталади. Бу китоб 2006 йилда Тошкентда “Шарқ” нашриётида нашр этилди[3]. Бу китобнинг илмий аҳамияти шундан иборатки, унда илк бор Марказий Осиёнинг қадимги туркий жой номлари тадқиқ этилган. Шу вақтгача туркий жой номлари минтақада нисбатан кейинги даврларда, ўрта асрларда тарқалган деб ҳисобланар эди. Китобда илк ўрта асрдарга мансуб араб ва форс тилидаги манбалар, шунингдек қадимги юнон, хитой, арман, византия ва бошқа тиллардаги манбаларда қайд этилган туркий жой номлари таҳлил этилган. Бу маълумотлар шундан далолат берадики, қадимги туркий жой номлари Ўрта Осиёда м.а. камида III – II асрлардан бошлаб тарқала бошлаган, VI – VII асрларга келиб эса уларнинг сони анча кўпайиб, шимолда Балкаш кўлидан жанубда Хуросон ва Ҳиндистоннинг шимоли, шарқда Шарқий Туркистондан ғарбда Каспий денгизигача бўлган ҳудудларда кенг тарқалган. Бу эса туркий тилли халқларнинг бу ҳудудларда қадимдан яшаб келганлигидан далолат беради. 2010 йилда бу китоб инглиз тилига таржима қилиниб, Германиядаги “Lambert Academic Publishing” нашриётида нашр этилди.[4]
2006 йилда “Ўзбекистон” нашриётида ХIII аср араб тарихчиси Ибн ал-Асирнинг “ал-Комил фи-т-тарих” асарининг русча таржимаси илмий изоҳлар ва шарҳлар билан нашр этилди[5]. Унда Ибн ал Асирнинг асаридаги Ўрта Осиё тарихи билна боғлиқ бўлган маълумотлар баён этилган. Бу таржиманинг асосий қисмини унинг устози П.Г.Булгаков амалга оширган эди. Лекин у бошлаган ишини охирига етказа олмасдан вафот этди. Ш.С.Камолиддин унинг ишини давом этдириб, охирига етказди ва китобни нашрдан чиқарди. Таржимага матнда баён этилган воқеалар билан боғлиқ бўлган бой тарихий материаллар (тангалар, миниатюралар ва ҳ.к.) дан намуналар илова қилинган.
2012 йилда Ш.С.Камолиддин устози П.Г.Булгаковнинг сўнги нашр этилмаган фундаментал илмий ишини Германиядаги “Lambert Academic Publishing” нашриётида нашр этди[6]. “Человек, Земля и Вселенная в трудах Абу Райхана Беруни” деб номланган бу фундаментал тадқиқотда Абу Райҳон Берунийнинг 17 та нашр этилган ва этилмаган асарларида инсон, ер ва фазо ҳақида айтиб ўтган фикр-мулоҳазалари жамланган ва шарҳланган.
2011 йилда “Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси” Давлат илмий нашриётида Х аср араб географ олими Ибн Ҳавқалнинг “Сурат ал-ард” асарининг “Мовароуннаҳр” қисмининг ўзбекча таржимаси илмий изоҳлар ва шарҳлар билан “Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси” Давлат илмий нашриётида нашр этилди[7]. Китобнинг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, унда муаллиф Ибн Ҳавқал келтирган маълумотларни шунчаки таржима қилиб бермасдан, уларга батафсил тарихий ва географик шарҳлар, шунингдек текстологик изоҳлар берган. Одатда бундай таржималар жуда қисқа изоҳлар билан ёки умуман изоҳларсиз ва шарҳларсиз нашр этилади. Чунки шарҳлар ва изоҳлар ёзиш осон иш эмас, унинг ўзи бир алоҳида китоб бўлиши мумкин. Кўрсаткичлар тузиш ҳам машаққатли иш, сабр тоқат талаб этади. Бунинг устига китобда ортиқча ҳажм эгаллайди. Шунинг учун охирги пайтларда бундай китоблар кўрсаткичларсиз нашр этилади. Кўрсаткичлар эса илмий тадқиқот олиб бораётганлар учун жуда муҳим ва керакли ҳисобланади. Ҳақиқий илмий шарҳланган ва изоҳланган, кўрсаткичлар билан таъминланган таржималар совет даврида нашр этилар эди. Бунга Ибн Сино, Беруний, Хоразмий, Фарғоний ва бошқа алломаларнинг асарларининг таржималари мисол бўла олади. Мустақиллик даврида бундай нашрлар камайиб кетди. Ш.С.Камолиддин совет даврида қўлланилган бу ижобий тажрибани қайта тиклади ва ортиғи билан амалиётга татбиқ этди. Натижада у нашр этган мазкур китобнинг тўртдан бир қисми (100 бет) ни таржима матни ташкил этган бўлса, қолган тўртдан уч қисми (300 бет) ни фойдали ва керакли маълумотлар (шарҳлар, изоҳлар), шунингдек кўрсаткичлар ташкил этган. Бу китоб нафақат олимлар ва тадқиқотчилар, балки талабалар, мактаб ва коллеж ўқувчилари ва кенг китобхонлар орасида ҳам катта қизиқиш уйғотди. Бу китобни ўқиган ҳар қандай одам Ўрта Осиёнинг IХ – Х асрлардаги тарихий географияси ҳақида батафсил тушунчага эга бўлади. Бу эса ҳар қандай дарслик ва қўлланмалардан ҳам афзалдир.
2011 йилда Тошкентда SMI-ASIA нашриётида Х аср тарихчиси Абу Жаъфар Наршахийнинг форс тилидаги “Бухоро тарихи” асарининг русча танқидий таржимаси илмий изоҳлар ва шарҳлар билан нашр этилди[8]. Бу китоб ҳам юқорида айтилган услубда, яъни бой илмий шарҳлар ва изоҳлар билан ёзилган, ва кўрсаткичлар билан таъминланган. Шуниси диққатга сазоворки, Наршахийнинг мазкур асари ўзбек, рус ва инглиз тилларига аллақачон таржима қилинган. Унинг ичидаги маълумотлар ҳаммага маълум. Шунга қарамай, Ш.С.Камолиддиннинг китоби мустақил илмий аҳамиятга эга. Чунки, биринчидан, рус тилидаги таржима ХХ асрнинг бошида Чор Россияси даврида мутахассис бўлмаган таржимон томонидан амалга оширилган эди. Бу ерда эса текстологик жиҳатдан пухта ишланган, транскрипция белгилари билан таъминланган ва илмий талабларга тўлиқ жавоб берадиган таржима амалга оширилган. Иккинчидан, рус тилидаги таржима ҳеч қандай шарҳ ва изоҳлар билан таъминланмаган, ўзбек тилидаги таржима эса жуда қиска ва кам сонли изоҳлар билан таъминланган. Инглиз тилидаги таржимада ҳам шарҳлар ва изоҳларнинг сони унча кўп эмас. Ш.С.Камолиддиннинг китобида жуда ҳам бой илмий шарҳлар ва текстологик изоҳлар берилган. Китобнинг умумий ҳажми 600 бетни ташкил этади. Унинг фақат 100 бетини таржима матни ташкил этади. Қолган 500 бет илмий шарҳлар, текстологик изоҳлар, адабиётлар рўйхати, кўрсаткичлар, ва расмлардан иборат. Бу китоб ҳам на фақат мутахассислар, балки ватанимиз тарихи билан қизиқувчи ҳар бир ўқувчида қизиқиш уйғотади. Бу китобни ўқиган одан Бухоронинг минг йил олдинги тарихи ҳақида батафсил ва илмий асосланган маълумотга эга бўлади. Бу маълумотлар билан таниш бўлган одам ҳар қандай ғоявий хуружлар ва сиёсий даъволарга дадил жавоб бериш имкониятига эга бўлади. Чунки унда на фақат тарихий воқеалар, балки тарихий шахслар, жой номлари, урф-одатлар ва атамалар илмий маълумотлар асосида шарҳланган. Ҳатто айтиш мумкинки, илмий жиҳатдан таржима матнидан кўра унга ёзиган шарҳлар қимматлироқдир.
2012 йилда Ш.С.Камолиддин Шимолий Афғонистонда топилган VIII асрга мансуб араб тилидаги ҳужжатларни илмий изоҳлар ва шарҳлар билан Германиядаги “Lambert Academic Publishing” нашриётида нашр этди.[9] Шу вақтгача Ўрта Осиёда араб тилида ёзилган энг қадимги ҳужжат Муғ тоғидан топилган суғд ҳужжатлари архивининг таркибидаги VIII аср бошларида араб тилида ёзилган мактуб эди. Уни ўз вақтида рус олими И.Ю.Крачковский таржима қилган ва батафсил тадқиқ этган эди. Энди янги топилган архив туфайли бундай ҳужжатларнинг сони яна 36 тага кўпайди. 2007 йилда бу ҳужжатлар Лондонда нашр этилган эди. Архивнинг аниқ топилган ери маълум эмас. Лекин таҳмин қилинишича, у Маймана шаҳри атрофларидан топилган. Шунинг учун уни шартли равишда Маймана архиви деб ҳам аташ мумкин. Унинг таркибидаги ҳужжатлар VIII асрнинг биринчи ярмига мансуб. Уларнинг асосий қисмини (32 та) маҳаллий ҳукмдорларнинг араб амирларига тўлаган солиқлари эвазига берилган гувоҳномалар ташкил этади. 4 та ҳужжат қулларнинг олди-сотди шартномаларидан иборат. Бу китоб жаҳон илм фани учун қимматли бўлган нашрлар сирасига киради. Чунки муаллифнинг ўзи Тўхористон тарихий географияси бўйича мутахассис ҳисобланади. Шунинг учун у мазкур ҳужжатларда қайд этилган тарихий шахслар ва жой номларига батафсил илмий шарҳлар берган. Инглиз тилида нашр этилган матнлар эса деярли ҳеч қандай шарҳлар билан таъминламаган. Чунки уларни таржима қилган одамлар филологлар, яъни араб тили бўйича мутахассис бўлганлар. Тарихий ва географик шарҳлар бериш уларнинг қўлидан келмайди. Ш.С.Камолиддин эса юқорида айтилган барча билимларга эга: у араб тилини ҳам яхши билади, қўлёзма матнлар устида иш олиб бориш тажрибасига ҳам эга, ундан ташқари Тўхористон, яъни Шимолий Афғонистоннинг тарихий географиясини жуда яхши билади.
2014 йилда Ш.С.Камолиддин насафлик машҳур қомусий олим Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ан-Насафий (ХII аср) нинг “ал-Қанд фи зикр уламо Самарқанд” (“Самарқанд уламолари ҳақида қандек китоб”) номли асаридаги тарихий-географик маълумотлар таҳлилига бағишланган фундаментал тадқиқот нашр этди[10]. Бу асар Самарқанд тарихига махсус бағишланган энг муҳим ва ягона манба ҳисобланади. Унинг қўлёзмаси яқин вақтларгача номаълум эди. Унда келтирилган тарихий ва географик маълумотлар эса ҳали умуман ўрганилмаган. Муаллифнинг ўзи Самарқанд шаҳрида яшагани туфайли унинг тарихий топографияси, яъни маҳаллалар, кўчалар, майдонларнинг жойлашувини яхши билган, мудофаа деворлари ва иншоотлари, шаҳар дарвозалари, масжидлар, мадрасалар, бозорлар ҳақида аниқ маълумотларга эга бўлган. Шунинг учун унинг мазкур асарида бу маълумотлар ўз аксини топган ва бошқа манбалардаги маълумотларни анчагина тўлдирган. Ш.С.Камолиддин бу маълумотларни батафсил таҳли қилган ва уларга илмий баҳо берган, хулосалар чиқарган. Умуман олганда, бу фундаментал тадқиқот манбашунослик соҳасида охирги йилларга амалга оширилган энг муҳим ишлардан бири дейиш мумкин. Эндиги вазифа ушбу асарнинг илмий изоҳли таржимасини нашрга тайёрлаш бўлиб турибди.
2017 йилда Ш.С.Камолиддин Ибн Ҳавқалнинг “Сурат ал-ард” асаридаги Каспий денгизи атрофларидаги халқлар ва мамлакатларга бағишланган қисмининг русча таржимасини нашрдан чиқарди.[11] Унда Каспий денгизи, Волга дарёси, Кавказ тоғларидан оқиб тушувчи дарёлар ва ирмоқлар ҳақида маълумотлар келтирилган. Шунингдек, бу ерларда яшагнан халқлар, яъни хазарлар, булғарлар, бошқирдлар, ғузлар, руслар ва славянлар ҳақида қимматли маълумотлар келтирилган. Бу маълумотлар на фақат Ўзбекистон, балки Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Россиянинг жанубий ҳудудларининг тарихи ва тарихий географиясини ўрганиш учун ўта муҳим аҳамиятга эга. Эндиликда Ш.С.Камолиддин ушбу асарнинг “Хуросон” қисмининг илмий изоҳли таржимасини нашрга тайёрламоқда.
Бу йил яна “Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси” нашриётида IХ аср араб тарихчиси ал-Балозурийнинг “Футуҳ ал-булдон” асарининг ўзбекча таржимаси илмий изоҳлар ва шарҳлар билан нашр этилиши мўлжалланмоқда. Бу асар арабларнинг фатҳ урушлари ҳақида махсус ёзилган муҳим бирламчи манбалардан бири ҳисобланади. Унинг ўзбек тилига таржима қилингани ва илмий шарҳлар билан нашрга тайёрлангани қувонарли ҳолдир. Чунки араб ва форс тилларидан ўзбек тилига ўгирилган манбаларнинг сони кўп эмас. IX – X асрларга оид манбалар эса ҳали умуман таржима қилинмаган. Уларни таржима қилиш ва илмий шарҳлар билан нашрга тайёрлаш ҳозирги кунда илм фанимиз олдида турган энг долзарб масалалардан биридир.
Булардан ташқари Ш.С.Камолиддин бошқа олимлар билан ҳамкорликда “Бухорода ислоҳот лойиҳаси”,[12] “Амир Темурнинг туркий ёрлиғи”[13], “Бухородаги Арслонхон мадрасасининг вакфномаси”[14] каби манбашуносликга оид китобларни нашр этган.
Айниқса унинг шогирдлари билан бирга қилган ишлари диққатга сазовор. 2012 йилда Ш.С.Камолиддин бошчилигида магистратура талабаси Муҳайё Маҳмудованинг “Самарқанддаги Тамғачхон мадрасаси вақфномаси” мавзусидаги магистрлик диссертацияси асосида Баҳодир Мусаметов билан ҳамкорликда ёзилган китоб нашр этилди[15]. Бу китоб ҳам манбашунослик ва матншунослик соҳаларига тааллуқли бўлиб, фанга ўзига хос илмий янгилик олиб кирди. М.Маҳмудованинг китобида илгари маълум бўлган араб тилидаги ҳужжатнинг янги топилган нусхалари асосида унинг янги тузилган танқидий матни эълон қилинди. Натижада улар илгари француз олимлари томонидан мавҳум ўқилган ёки ўқилмаган кўп сўзларни аниқ ўқиш имкониятига эга бўлдилар. Бу эса уларга қатор янги хулосалар чиқариш имкониятини берди. Оқибатда Самарқанд шаҳрининг ХI асрдаги тарихий топографиясини ўрганишда катта ютуқларга эришилди. Бу китоб ўзбек фани ва олимларининг Европа фани ютуқларидан ҳеч ҳам қолишмаслигини яна бир исботлади.
2017 йилда Ш.С.Камолиддиннинг яна бир шогирди Баҳодир Мусаметовнинг “Исмоил Сомоний авлодларининг вафномаси” мавзусидаги магистрлик диссертацияси асосида ёзилган китоб нашр этилди.[16] Бу китоб ҳам матншунослик ва манбашунослик соҳаларига оид бўлиб, унда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг фондида сақланаётган форс тилидаги “Исмоил Сомоний вақфноси” нинг матни ва таржимаси берилган. Китобда Ўзбекистон Давлат Архивида сақланаётган худди шу номли яна бир ҳужжатнинг матни ва таржимаси ҳам келтирилган. Иккала матнга бой илмий шарҳлар ва батафсил текстологик изоҳлар берилган.
Эндиликда Ш.С.Камолиддин яна бир шогирди Иқбол Усмоновнинг “Фазоили Балх муҳим тарихий ва географик манба” номли магистрлик диссертацияси асосида ёзилган янги китобни нашрга тайёрламоқда. Булардан кейин ўз навбатини кутиб турган ишлар ҳам кам эмас.
Бу қилинган ва қилинаётган ишлар шуни кўрсатадики, Ш.С.Камолиддин на фақат И.Ю.Крачковский асос солган бутун дунёга машҳур классик шарқшунослик мактабининг анъаналарини давом этдирмоқда, балки ўзидан кейинги ёш олимларга ҳам ўргатмоқда.
Ш.С.Камолиддин ўзининг манбашунослик соҳасидаги тадқиқотларида на фақат ёзма манбалар, балки бошқа манбалардан ҳам кенг фойдаланади. Хусусан, унинг тарихий хариталарга оид ишлари диққатга сазовор.[17] Ўрта асрларда Европада нашр этилган бу хариталарнинг илмий аҳамияти шундан иборатки, уларда “Ўзбекия” ва “Ўзбекистон” атамалари қайд этилган. Бу тадқиқотлар туфайли энди биз биламизки, “Ўзбекистон” атамаси 1924 йилда руслар томонидан ўйлаб топилмаган, балки тарихий асосга эга бўлиб, XVI – XVIII асрларда ёзма манбаларда ва хариталарда бутун Ўрта Осиё минтақасига нисбатан кенг қўлланилган.
Ш.С.Камолиддиннинг охирги йилларда олиб борган энг муҳим илмий ишларидан бири Сомонийларнинг келиб чиқиши масаласидир. Унинг бу масалага бағишланган бир қатор мақолалари ва махсус монографияси рус ва инглиз тилларида нашр этилган.[18] Бу тадқиқотларларнинг илмий аҳамияти шундан иборатки, уларда Ўрта Осиё тарихида муҳим ўрин эгаллаган Сомонийлар сулоласининг келиб чиқиши ғарбий турк хоқонларининг оиласи билан боғлиқ эканлиги исботланган. Бу эса ўзбек давлатчилиги тарихини ўрганишда катта аҳамиятга эгадир.
Ш.С.Камолиддин ўзбек, рус, инглиз, араб, хитой, турк, венгер ва бошқа тилларда жами 40 дан ортиқ монография ва китоблар, 500 га яқин илмий ва илмий-оммабоп мақолалар нашр этган. 2011 йилда унинг илмий раҳбарлигида номзодлик диссертацияси ёқланди. Ҳозирда эса у 2 та докторантнинг диссертациясига илмий раҳбарлик қилмоқда.
Ш.С.Камолиддин 1999 йилда ислом тадқиқотлари соҳасидаги “Имом ал-Бухорий авлодларига” номли халқаро мукофотга сазовор бўлган. 2010 йилдан бошлаб у The Islamic Manuscript Association (University of Cambridge, UK), 2012 йилдан эса The International Society of the Arabic Papyrology (University of Leiden, Holland) халқаро илмий жамиятларнинг аъзосидир. “Moziydan sado” (Тошкент), “InfoLib” (Тошкент), “Vodiynoma” (Андижон) “Journal of Islamic Studies” (Анкара, Туркия) каби илмий журналларининг таҳририят аъзоси.
Китоблар, ишлар, илмий маколалар, лоихалар:
- «TOSHKENT IRRIGATSIYA VA QISHLOQ
XO’JALIGINI MEXANIZATSIYALASH
MUHANDISLARI INSTITUTI»
MILLIY TADQIQOT UNIVERSITETI - www.academia.edu
[1] Ш.С.Камалиддинов. “Китаб ал-ансаб” Абу Са‘да ‘Абдалкарима ибн Мухаммада ас-Сам‘ани как источник по истории и истории культуры Средней Азии. Ташкент: Фан, 1993.
[2] Ш.С.Камалиддинов. Историческая география Южного Согда и Тохаристана по арабоязычным источникам IX – нач. XIII вв. Ташкент: Узбекистан, 1996.
[3] Ш.С.Камолиддин. Древнетюркская топонимия Средней Азии. Ташкент: Шарк, 2006.
[4] Shamsiddin Kamoliddin. Ancient Turkic Toponyms of the Middle Asia. Turkic Place-Names in Ancient and Medieval Textual Sources. Saarbrücken: Lambert Academic Publishing, 2010.
[5] Ибн ал-Асир. Ал-Камил фи-т-та’рих. Избранные отрывки / Перевод с арабского, примечания и комментарии П.Г.Булгакова. Дополнения к переводу, примечаниям и комментариям, введение и указатели Ш.С.Камолиддина. Ташкент: Ўзбекистон, 2006.
[6] П.Г.Булгаков, Ш.С.Камолиддин. Вселенная, Земля и Человек в трудах Абу Райхана Беруни. Аналитический свод избранных тематических фрагментов из сочинений Абу Райхана Беруни. Saarbrücken: Lambert Academic Publishing, 2012
[7] Ибн Ҳавқал. Китоб сурат ал-ард. Мовароуннаҳр / Араб тилидан таржима ва изоҳлар муаллифи Ш.С.Камолиддин. Тошкент: Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси, 2011.
[8] Мухаммад ан-Наршахи. Та’рих-и Бухара. История Бухары. Вступительная статья Д.Ю.Юсуповой. Перевод комментарии и примечания Ш.С.Камолиддина. Археолого-топографический комментарий Е.Г.Некрасовой. Ташкент: SMI-ASIA, 2011.
[9] Ш.С.Камолиддин. Новые арабские документы из Тохаристана (первая четверть VIII в. н.э.). Текст. Перевод. Коментарии. Saarbrücken: Lambert Academic Publishing, 2012.
[10] Ш.С.Камолиддин. Новый источник по исторической географии Средней Азии. Новейшие исследования сочинения «ал-Канд фи зикр ‘улама’ Самарканд» Абу Хафс ‘Умар ибн Мухаммада ан-Насафи. Saarbrücken: Lambert Academic Publishing, 2014.
[11] Ш.С.Камолиддин. Ибн Хаукал и его труд «Сурат ал-ард». Часть 1. Saarbrücken: Lambert Academic Publishing, 2017.
[12] Г.Остонова, Б.Маннонов, Ш.Камолиддин. Проект реформ в Бухаре. Текст. Перевод. Комментарии. Saarbrücken: Lambert Academic Publishing, 2015.
[13] Г.Остонова, Б.Маннонов, Ш.Камолиддин. Жалованная грамота амира Тимура. Текст. Перевод. Комментарии. Saarbrücken: Lambert Academic Publishing, 2015.
[14] Ш.С.Камолиддин, О.Д.Чехович. Тяжба о вакфе мадраса Арслан-хана в Бухаре. Текст. Перевод. Комментарии. Saarbrücken: Lambert Academic Publishing, 2015.
[15] Ш.Камолиддин, М.Махмудова, Б.Мусаметов. Два вакфа Тамгач Бугра-хана в Самарканде. Вакфные документы XI века на мадраса и дом больных в Самарканде. Текст. Перевод. Комментарии. Saarbrücken: Lambert Academic Publishing, 2012.
[16] Ш.С.Камолиддин, Б.Мусаметов. Вакфные документы потомков Исмаила Самани. Текст. Перевод. Комментарии. Saarbrücken: Lambert Academic Publishing, 2017.
[17] Ш.С.Камолиддин. Две карты Средней Азии первой половины XVIII в. Новые источники по исторической этно-географии Средней Азии. Saarbrücken: Lambert Academic Publishing, 2012; Shamsiddin Kamoliddin. Two maps of Central Asia of the First Half of 18th Century. New Sources on the Historical Ethno-Geography of Central Asia. Saarbrücken: Lambert Academic Publishing, 2012
[18] Shamsiddin Kamoliddin. The Samanids. The First Local Islamic Dynasty of Central Asia. Saarbrücken: Lambert Academic Publishing, 2011Ш.С.Камолиддин. Саманиды: Из истории государственности Узбекистана в IX – X вв. Saarbrücken: Lambert Academic Publishing, 2012;
