Нигора Камолиддинова

      Шоиранинг кенжа қизи — Нигора Камалиддинова Ўзбекистон Миллий университетининг филология факультетини тамомлаган, ўз ихтисоси — филологияни мукаммал эгаллаган, педагогик фаолият сирларининг моҳир билимдони. Мана неча йиллар давомида маориф соҳасида хизмат қилади. Янги авлодларни тарбиялаш, уларни эзгулик идеалларига садоқат руҳида шакллантирмоқдек олижаноб ишга ўзини бағишлаган.

      Нигора устозларидан олган, ўрганган билим ва тажрибаларини мустаҳкамлаб бориш учун тинмай ўқийди, ўрганади, изланади. Бепоён адабий олам остонасидан хатламоқ учун аввал вақтли матбуотларда қатнашиб, катта ва кичик мақолалар, мулоҳазали, мунозарали чиқишлари билан қаламини чархлади. Нигоранинг “Гулистон”, “Ўзбекистон овози”, “Маърифат” ва бошқа журнал ва рўзномаларда босилган қатор мақолалари, бахсли чиқишлари шулар жумласидандир.

       “Комил инсонни шакллантириш масаласи бадиий адабиётнинг доимий долзарб вазифаси ҳисобланади. Адабиёт эзгуликка, гўзалликка хизмат қилади, кишилар қалбини иллатлардан тозалайди. Бу борада адабий қаҳрамонлар ибратли ҳатти-ҳаракатлари билан ёшларга ҳамиша андозадир. Навоийнинг Фарҳод ва Ширин, Қодирийнинг Отабек ва Кумушидаги ўта андишалилик, ҳаё ва ибо фазилатлари, фарзандлик бурчини юксак даражада адо этиши комилликнинг ўзига хос намунасидир”, — деб ёзади у “Маърифат” рўзномасининг 2006 йил 15 март сонида эълон қилинган мақоласида.

       “Фарзандлари қалбида адабиётга, санъатга бўлган меҳр оналар куйлаган аллалар билан сингган бўлса, не ажаб!” — деб ёзади у “Гулистон” журналининг 2006 йил 5-сонида чоп этилган мақоласида.

       “Онам тутган қалам доим устозларни улуғлаб келди. Устозлик мактабига ва буюк зотлар – ўзи сув ичган дарёларга ҳамиша эҳтиромда яшади”, — деб ёзади Нигора.

       Нигора Камалиддинова ўз онаси Эътиборхон Охунованинг шоира, публицист, жамоат арбоби сифатида амалга оширган хайрли ишлари тўғрисида “Нафосат куйчиси” деб номланган рисола яратди. Унда шоиранинг бутун  ҳаёт йўли, ижодий фаолиятининг туб моҳияти ўзининг ёрқин ифодасини топган.

Please wait while flipbook is loading. For more related info, FAQs and issues please refer to DearFlip WordPress Flipbook Plugin Help documentation.